Қорақалпоғистонда 3 кун давом этган оммавий қабулда аҳолининг 150 га яқин мурожаати ижобий ҳал этилди
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, одамларнинг муаммо ва таклифлари асосида жойлардаги масалаларни ҳал этиш мақсадида Президент маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларида оммавий қабуллар ўтказилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, қабуллар давомида Президент Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим ва бошқа вазирликлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси ва мутасадди ташкилотлар ҳамда ҳудудий сектор раҳбарлари иштирок этган.
Сайёр қабулнинг дастлабки кунида Нукус шаҳри ва Нукус тумани фуқаролари қабул қилинган. Унда 393 нафар фуқаро 411 масала бўйича мурожаат этиб, шундан 132 таси жойида ижобий ҳал этилган, 81 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилган ҳамда 168 мурожаатнинг ижроси назоратга олинган.
«Бугунги кунда аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири — ичимлик суви. Ушбу мурожаатим тегишли соҳа раҳбарлари томонидан кўриб чиқилди ва Осиё тараққиёт банкининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа асосида келгуси йилда ичимлик суви тармоғи тортиб бериладиган бўлди», — дейди Нукус тумани «Кердер» овул фуқаролар йиғинидан Т.Ережепов.
Оммавий қабулниг иккинчи куни Тахиатош, Шуманай ва Хўжайли туманлари аҳолиси учун Тахиатош туманида, Бўзатов ва Кегейли туманлари аҳолиси учун Бўзатов туманида бўлиб ўтган.
«Ички ишлар идораларида хизмат қилиш болаликдан орзуим эди. Оммавий қабулда Ички ишлар вазирлиги масъул ходимларига ушбу масалада мурожаат этдим ва Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлимига профилактика инспектори ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинадиган бўлдим. Бундан жудаям хурсандман», — дейди Нукус шаҳридан Ж.Муратбоев.
Сайёр қабулларнинг бирида Тахиатош тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходими Зиёда Утегенова «штат қисқарди» деган баҳона билан ўтган йилнинг декабрь ойидан буён ишсиз қолган. Шу кунгача турли жойларга мурожаат қилган, лекин масаласи ижобий ечим топмаган. Сайёр қабулда унинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, аввалги иш жойига қайта тикланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари томонидан қабулда аҳоли билан суҳбатлар ўтказилиб, фуқароларни бугунги кунда қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилган.
Жумладан, икки кун давомида фуқаролардан 62 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 15 таси жойида ижобий ҳал этилган. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 13 та мурожаат тегишли мутасадди идоралар вакиллари томонидан назоратга олинган. 34 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Мурожаатларда, асосан, фуқаролик олиш, биометрик паспорт расмийлаштириш, соҳа ходимларига миннатдорчилик, ички ишлар, терговга қадар текширув ҳамда суриштирув ҳаракатларидан норозилик масалалари кўтарилган. Тадбир доирасида фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида яшаб келаётган 10 нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти топширилган.
Аввалроқ Қоракўлда ташкил этилган вилоят прокурори иштирокидаги сайёр қабулда 10 дан ортиқ мурожаат жойида ҳал этилгани, Бухорода ҳоким сайёр қабулига келиб тушган 50 дан ортиқ мурожаатнинг 11 тасига ечим топилгани ҳақида хабар берилган.