Нуробод тумани ҳокими ўтказган қабулда 10 та мурожаат ҳал этилди
Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокими ўтказган қабулда 28 та мурожаатдан 10 таси ҳал этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Шарқ Юлдузи» маҳалласида фуқаролар учун туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Фахриддин Зоиров томонидан сайёр қабул ўтказилган. Қабулда тумандаги корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда фуқаролар иштирок этган.
Ўтказилган қабул давомида фуқаролар томонидан ичимлик суви, электр энергияси, йўл таъмирлаш, газ, бандлик ва бошқа масалалар бўйича 28 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 10 дан ортиғи жойида ижобий ҳал этилган. Туман раҳбари томонидан фуқаролар мурожаатларининг ижобий ҳал этилиши бўйича тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилган.
Маълумот учун, Эркинжон Турдимов Самарқанддаги тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиб, жойида ҳал қилиш бўйича кўрсатма берган.
Аввалроқ Пешку ҳокимининг сайёр қабулида 11 нафар фуқаронинг мурожаатлари, Қоракўлда ташкил этилган вилоят прокурори иштирокидаги сайёр қабулда эса 10 дан ортиқ мурожаат жойида ҳал этилгани хабар қилинган.
Шунингдек, Бухоро вилоятида ҳоким сайёр қабулига келиб тушган 50 дан ортиқ мурожаатнинг 11 таси ҳал этилган.