Андижон шаҳрида танишини маст ҳолда пичоқлаган эркак 17 йилга қамалди (видeo)

Андижон шаҳрида 2020 йил 24 апрель куни танишини пичоқлаган эркак 17 йилга қамалди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 2020 йил 24 апрель куни Андижон шаҳрида яшовчи А.М. таниши Ҳ. билан спиртли ичимлик ичиш мақсадида унинг хонадонига борган. Шундан сўнг хонадонда маст бўган фуқаролар ўртасида ўзаро жанжал юзага келган. Натижада А.М. Ҳ.ни ошхона пичоғи билан бўйин соҳасига кўндаланг тортиб юборади. Сўнгра кўкрак бўшлиғи ва танасининг бошқа қисмларига пичоқ санчиб, қасддан ўлдиради. Воқеага гувоҳ бўлиб қолган З.А. эса ушбу воқеани яширади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига хабар қилмайди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича вилоят судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Қотил ва гувоҳ билан ўтказилган суриштирувлар ҳамда томонлар хулосалари эшитилиб, суд ҳукми ўқилди.

Жиноят ишлари бойича вилоят судининг ҳукмига кўра А.М Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан айбли топилган ва 17 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган. Воқеага гувоҳ бўлган фуқаро З.А.га эса Жиноят кодексининг 241-моддаси (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 1-қисми билан 3 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Аввалроқ Тўрақўрғонда тўйда жанжаллашиб, қўшнисини пичоқлаган эркакка жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар