Энергетика вазирлиги 1 ноябрдан Тошкентдаги газ «заправка»лари иш тартибига ўзгартириш киритилмаганини маълум қилди

Энергетика вазирлиги 1 ноябрдан чекловлар жорий этилиши режалаштирилаётган автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчалари (АГТКШ)га газ етказиб бериш шартлари кўриб чиқилаётганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

Вазирликнинг таъкидлашича, 1 ноябрдан бошлаб АГТКШнинг иш тартибига ҳеч қандай ўзгартириш киритилмаган. Тошкент шаҳрида 54 та газ тақсимлаш станциясида янги иш жадвали жорий этилиши ва навбатма-навбат (бирданига эмас), ҳар уч кунда бир марта соат 19:00 дан соат 7:00 га қадар газ таъминотини тўхтатиб туриш режалаштирилган эди. Ушбу чоралар аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлашга қаратилган. Бунга сабаб истеъмолнинг юқори (пик) соатларида ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги газ истеъмоли туфайли босим камайиб кетади.

«Ҳозирги кунда ушбу чекловчи чораларни қўллаш механизми қайта кўриб чиқилмоқда ва қабул қилинган хулосалар ҳақида ўз вақтида маълумот берилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Ўзбекистонда суюлтирилган газ баллонлари онлайн назорат қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар