Фото: ниқоб таққан арча ўйинчоқлари — Россиядаги фабрика янги тўплам тайёрлади

Россиянинг Красноярск вилоятидаги «Бирюсинка» фабрикаси коронавирус пандемияси туфайли ниқоб таққан одамлар кўринишидаги арча ўйинчоқлари тайёрлашни йўлга қўйди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Мазкур арча ўйинчоқларига тиббий ниқоб таққан юз тасвири туширилган ва у фабриканинг экспериментал тўплами ҳисобланади. Ҳозирда ўйинчоқларни фақатгина савдо дўконлари орқали сотиб олиш мумкин. Бироқ 200 дан ортиқ одамлар фабрикадан катта миқдордаги ўйинчоқлар тўпламига буюртма бериш истагини билдирган.

Фабрика раҳбари ўринбосари Aртём Денисовичнинг айтишича, барча ўйинчоқлар қўл меҳнати ёрдамида тайёрланади. Ҳафта бошида янги коллекция сотувга чиқарилгандан сўнг ниқоб таққан ўйинчоқларга талаб кескин ошиб кетган.

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

«Энди биз талабни қондириш учун астойдил ҳаракат қилмоқдамиз. Бундай воқеалар аввал ҳам бўлган. Биз доим йил рамзларини чиқарамиз, ҳар йили тўпламни янгилаб борамиз. Шунинг учун бу йилги рамзни ниқоб билан кўрсатишга қарор қилдик», — дейди фабрика ходими.

Унинг сўзларига кўра, юқори талаб нафақат Красноярск аҳолиси орасида кузатилган, балки бошқа вилоятлардан ҳам буюртмалар келмоқда. У ўйинчоқлар нархи ҳамёнбоп эканлигини таъкидлаган. Масалан, ниқоб таққан ўйинчоқ 350 рублни ташкил этади, буқа рамзлиси эса 365 рубл. Тўпламда жами 250 дан ортиқ арча ўйинчоқлари мавжуд.

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

Маълумот ўрнида, «Бирюсинка» фабрикаси 1929 йилда етти кишилик жамоа билан очилган. Кўп йиллар давомида бу ерда шиша арча ўйинчоқлари, безаклари тайёрланиб, қўлда бўялган. Шунингдек, фабрикада юмшоқ ўйинчоқлар ва карнавал костюмлари тайёрланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 64 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилганди. Беморларнинг 1 486 829 нафари вафот этган, 44 442 109 нафари соғайган. Aйни пайтда дунё бўйлаб ўлим даражаси 3 фоизни ташкил этмоқда. Ҳозирда 17 758 033 киши касалликдан даволанмоқда. Ўзбекистонда эса 1 декабрь ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 73 276 нафарни ташкил этган.

Янгиликлар