Ўзбекистонда ортиқча ҳужжат талаб қилган нечта ОТМга интизомий жазо чоралари кўрилгани маълум бўлди

Ўзбекистонда ортиқча ҳужжат талаб қилган 10 та олий таълим муассасасига интизомий жазо чоралари кўрилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, адлия органлари томонидан Самарқанд вилояти мисолида сўров орқали ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, фуқаролардан талаб қилиш тақиқланган ҳужжатлар олингани, қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга зид равишда расмий ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилингани ва бошқа бюрократик тўсиқлар мавжудлиги аниқланган.

«Сўнгги йилларда олий таълим тизимини модернизация қилиш, қабул жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан айрим олий таълим муассасалари катта ҳаётга йўл олаётган абитуриентлардан ортиқча ҳужжат сўраш ҳамда замон талабларига тўғри келмайдиган қўшимча талаблар ўрнатиш орқали эскирган усулларда ишлашда давом этишмоқда.

Мисол учун Самарқанд давлат чет тиллари университети абитуриентлардан фуқаролик паспортидан нусха, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилгани тўғрисида гувоҳнома, жисмоний шахснинг жамғариб бориладиган пенсия тизимига қўйилгани тўғрисида маълумотнома каби ҳужжатларни тақдим этишни асоссиз равишда талаб қилган.

Олий таълим муассасаси қабул комиссияси абитуриент ҳақидаги зарур маълумотларни Давлат тест марказининг махсус дастурига киритиб, абитуриентга асл ҳужжатларни қайтариши назарда тутилган. Шунга асосан, Адлия вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари томонидан ортиқча бюрократик ғов ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли тақдимнома киритилган.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мазкур қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинган», дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда абитуриентлардан ортиқча ҳужжат талаб қилган 10 га яқин ОТМнинг раҳбар-ходимига турли интизомий жазо чоралари кўрилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ўқувчилари ОТМга кира олмаган мактаблар сони 3 баробарга камайгани ҳақида хабар берилганди. Шунингек, Ўзбекистон ОТМлари анъанавий таълим шаклига 2-семестрдан олдинроқ қайтиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган.