Ўзбекистоннинг 4 та вилоятида қўғирчоқ театрлари ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада айрим давлат театрлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 30 ноябрь куни қабул қилинди. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Қарорга кўра:

  • Наманган ва Сирдарё вилоятларида – қўғирчоқ театрлари;
  • Навоий ва Тошкент вилоятларида – қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари фаолияти ташкил этилади.

Қайд этилишича, қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ижодий фаолиятини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида «дўстлар клублари» фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан:

  • Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «Қўғирчоқ ясаш технологияси» ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш;
  • қўғирчоқ театри режиссёрлиги, актёрлиги ва драматургия йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил қилиш;
  • Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Қўғирчоқ театри рассоми» ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш чоралари кўрилади.

Аввалроқ Бухорода «Арки олийда Амир Олимхон қабули» номли театрлаштирилган томоша ўтказилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Бухорода инновацион туризм маркази иш бошлагани, Тошкентда модернизм ёдгорлигининг реконструкция лойиҳаси тақдимоти ўтказилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар