Фарғонада ИИБ ходимлари ўқитувчини калтаклаб, бир оёқда туришга мажбурлаган

Ижтимоий тармоқларида тарқалган «Фарғоналик ўқитувчи: ИИБ ходимлари мени калтаклаб, бир оёқда тик туришга мажбурлашди» сарлавҳали хабар юзасидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси маьлумот берди.

Мазкур хабар ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам 2020 йилнинг 26 июль куни Фурқат туманидаги 34-сон ихтисослашган умумтаълим мактабида компьютер ўғирланиши билан боғлиқ холат содир этилган. Ҳолат юзасидан туман ИИБ хузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Хабарда келтирилганидек ИИО ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевни қийноққа солганлик билан боғлиқ ҳолати юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилган хабарда.

Таькидланишича, ушбу жараён вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Шунингдек, вилоят ИИБ томонидан ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Текширувлар якунига кўра, қўшимча хабар берилади, дея қўшимча қилинган баёнотда.

Аввалроқ Самарқандда ЙПХ ходимига интизомий чора кўрилгани, Самарқандда ЙПХ инспекторига карантин постида тартибни бузгани учун “Танбеҳ” берилгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги “сўконғич ўқитувчи” видеосига расмий муносабат билдирганди.

Янгиликлар