Наманганда гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келаётган шахслар аниқланди

Наманган шаҳрида гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келаётган шахслар фош этилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 28 июль куни Наманган шаҳар «Янги тонг» маҳалласида шубҳали хатти-ҳаракатлар содир этган фуқаро кузатилган. Холислар иштирокида фуқаронинг чўнтаклари кўздан кечирилганда оқ рангли елим пакетга ўралган оғирлиги 4,48 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган.

Ундан ташқари, Уйчи туманида назорат-рейд тадбирлари олиб борилган. Тумандаги хонадонлардан бирида ҳожатхонанинг деворига илиб қўйилган, 16 дона қуритилган ўсимлик бошоқлари сақланаётганлиги аниқланган. Ўсимлик текшириб кўрилганда умумий оғирлиги 48,79 грамм бўлган кўкнори сомони эканлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада қиймати 26 миллион сўмлик гашиш сотган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди. Шунингдек, Қўқонда автомашинасида марихуана сақлаб юрган шахс қўлга олинган. Самарқандда эса уйида жанжал кўтарган фуқаронинг ёнидан мархуана топилган, Фарғонада молхонасидаги хумда 2 пакет марихуана сақлаб келган шахс қўлга олинган эди.

Янгиликлар