Наманганда 2021 йилда ижтимоий соҳага 2,2 триллион сўм йўналтирилади
Наманган вилоят ҳокимлигида 3 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маҳаллий бюджетнинг 2021 йилги асосий кўрсаткичлари муҳокама қилинди. Унда 2021 йилда ижтимоий соҳага 2,2 триллион сўм йўналтирилиши маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Йиғилишда иштирок этган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Ўзбекистонда қонун лойиҳаларини депутатлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларнинг таклифлари асосида қўшимча ва ўзгартишлар киритишга аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Мазкур қонун лойиҳаси Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўриб чиқилиб, парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари муҳокамасига қўйиш, уларнинг таклифлари асосида янада мукаммаллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани айтилди. Қайд этилишича, йиғилишда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Зуҳриддин Баҳриддинов вилоят маҳаллий бюджетининг 2020 йилда кутилаётган ижроси ва 2021 йилги асосий кўрсаткичлари ҳақида ахборот берди. Унга кўра 2021 йил харажатлар режасида ижтимоий соҳалар устувор бўлиб, бунинг учун 2 триллион 255 миллиард 9 миллион сўм ёки бюджетнинг қарийб 70 фоизи йўналтирилиши кўзда тутилган. Бу борадаги ўзгаришлар Чуст тумани мисолида таҳлил этиб берилди.
Шунингдек, «Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йилги асосий кўрсаткичлари тўғрисида»ги масала ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгач халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияси тасдиғига қўйиладиган бўлди.
Аввалроқ Ўзбекистонда экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 100 миллион доллар берилгани ҳақида хабар берилганди.