Ўзбекистонда барча ОТМлар 11 январдан анъанавий таълимга қайтади

Ўзбекистонда 11 январдан барча олий таълим муассасалари анъанавий таълимга қайтади. Бу ҳақда АОКАда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев иштирокида ўтаётган брифингда маълум қилинди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, барча ОТМлар томонидан ўқув жараёнини анъанавий тарзда бошлаш бўйича график ишлаб чиқилган. График асосида 2021 йил 11 январдан барча ОТМларнинг тегишли курсларида ўқув жараёни анъанавий шаклда бошланади.

Шунингдек, айрим бетоб ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларнинг ўқишлари онлайн шаклда давом эттирилиши мумкин. Бу ҳолатда ОТМлар талабаларнинг шароитларини ўрганиб чиқади. Барча имкониятлари мавжуд бўлган талабалар анъанавий таълимга тўлиқ жалб этилади.

«Ҳафталик ўқув кунлари ўқув режасидаги ҳафталик юкламалар асосида белгиланади. Ўқув режаларидаги фанларга ажратилган ҳафталик юкламадан келиб чиқилса, ҳафталик ўқув куни 5–6 кунга тўғри келади. Бунда талабаларнинг кунлик юкламаси ҳам ошиб кетмаслиги лозим», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда контракт миқдори оширилиши тўғрисидаги хабарга ойдинлик киритилганди.

Янгиликлар