Бухорода сайёҳлар учун вилоятдаги маданий мерос объектлари ҳақида маълумот берувчи мобиль дастур концепцияси ишлаб чиқилди

Бухорода маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар учун вилоятдаги мавжуд маданий мерос объектлари тўғрисидаги маълумотларни излаш, жамлаш ва улар тўғрисидаги янги маълумотларни киритиш имконини берувчи инновацион мобиль дастур тайёрланмоқда, деб хабар берди вилоят Маданий мерос бошқармаси ахборот хизмати.

Хабарда айтилишича, вилоят маданий мерос бошқармаси ташаббуси билан айни кунда вилоятдаги мавжуд маданий мерос объектлари тўғрисидаги маълумотларни излаш, жамлаш ва улар тўғрисидаги янги маълумотларни киритиш, географик маълумотларни (объектларгача етиб бориш тўғрисидаги) ўзида мужассамлаштирган ахборот тизимини жорий этишга доир инновацион мобиль илова концепцияси ишлаб чиқилган.

Таъкидланишича, мазкур инновацион мобиль илованинг афзаллиги маданий мерос объектларини кўриш истагида бўлган фуқаролар, хорижий меҳмонлар, маҳаллий саёҳатчилар, тарихчи-олимлар ёки соҳа мутахассислари мазкур мобиль дастурни қўл телефонига юклаб олса, ҳеч қандай қийинчиликсиз ўзлари кўзлаган манзилга етиб боришлари мумкин бўлади, дейилади хабарда.

Ҳозирда Бухоро шаҳрига ташриф буюрувчи сайёҳлар талабларини инобатга олган ҳолда мобиль дастур лойиҳасини янада такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда. Ушбу янгилик Президентнинг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан иқтисодиётнинг кенг тармоқлари, шунингдек, ҳукумат фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш бўйича амалга оширилади.

Маълумот ўрнида, Бухорода миллий рўйхатга айни кунда ҳудудда мавжуд жами 829 та моддий-маданий мерос объекти киритилиб, давлат муҳофазасига олинган. Шундан 287 таси археология ёдгорлиги, 31 таси мадраса, 105 таси масжид, 14 таси мақбарадир.

Аввалроқ Ўзбекистонда зилзила бўйича маълумот берувчи ҳамда коронавирусдан огоҳлантирувчи мобиль дастур яратилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар