Эркин Турдимовнинг Қўшработда ўтказган қабулида 294 та мурожаат муҳокама қилинди
Самарқанд вилоят ҳокими Эркин Турдимовнинг Қўшработ туманида ўтказган қабулида 294 та мурожаат муҳокама қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман марказидаги «Ўрикзор» базмгоҳида вилоят ҳокими Эркин Турдимовнинг сайёр қабули ўтказилган. Қабулда вилоят ҳамда туман ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, секторлар ва мутасадди раҳбарлари иштирок этган.
Қабул давомида фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, адолатни қарор топтиришга эътибор қаратилган.
Келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, пенсия, болалар нафақаси, ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш, таълим соҳасидаги муаммолар, тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан фуқароларнинг 294 та мурожаати бирма-бир муҳокама қилинган.
Аксарият мурожаатлар шу ернинг ўзида ҳал этилган. Аммо муддат талаб этиладиган масалаларга масъуллар бириктирилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан ижроси назоратга олинган.
Қайд этилишича, қабул давомида туманнинг «Булоқбоши» МФЙда истиқомат қиладиган ногирон аёлга тикув машинаси совға қилинган.
Аввалроқ Каттақўрғонда шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи ўтказган қабулда икки нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилгани ҳамда Каттақўрғон шаҳри ҳокими ўтказган қабулда салкам 40 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Ургутда ўтказилган сайёр қабулда 12 та ва Нуробод тумани ҳокими ўтказган қабулда 10 та мурожаат ҳал этилгани маълум қилинди.