Андижон шаҳрида уйида сохта ҳужжатлар тайёрлаш билан шуғулланувчи эркак ушланди

Андижон вилояти Андижон шаҳрида 27 октябрь, сешанба куни ҳужжатларни сохталаштираётган эркак аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ИИВ ЎХБ Андижон вилояти бўлимига Андижон шаҳрида яшовчи О. исмли шахс фаолияти ҳақида хабар келиб тушган. Хабарда мазкур шахс ўз хонадонида ҳайдовчилик гувоҳномалари, ишончномалар ва бошқа транспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни компьютер ҳамда рангли принтер ёрдамида қалбакилаштириш орқали тайёрлаб келаётганлиги таъкидланган.

Тезкор маълумотга асосан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур фуқаро муқаддам 4 маротаба Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан судланган У.О. эканлиги аниқланган.

Хабарга кўра, 27 октябрь, сешанба куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан У.О.нинг хонадони текширилган. Текширув давомида 1 дона «Acer» русумли ноутбук, 1 дона «Canon» русумли принтер, 1 дона «Epson» русумли рангли принтер, 8 та қалбаки ишончнома бланкаси, 9 нафар фуқаронинг паспорт нусхаси, 3 та автомашина техник қайд этиш гувоҳномаси, 1 та транспорт воситаси ойналарини қорайтириш учун руҳсатнома бланкаси, ҳужжатларни қалбакилаштиришда фойдаланиладиган канцелария буюмлари ҳамда 16 гигабайт хотирага эга бўлган 1 дона қора рангли флешка борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Таъкидланишича, ноутбук ва флешкада кўплаб ҳайдовчилик гувоҳномалари, ишончномалар ва бошқа расмий ҳужжатлар скайнер қилиниб тайёрлаб келинаётганлиги аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Фарғонада махсус рухсатномани сохталаштириб, иккита машинани жарима майдонидан олиб чиққан фирибгар ва Андижон туманида салкам 7 миллион сўм пулни қалбакилаштирганлар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Жалақудуқда 350 дан ортиқ кишига ун олиб беришини айтиб, уларни 49 миллион сўмга чув туширганлар ҳамда Андижонда ҳужжатсиз дори воситаларининг нархини сунъий ошириб сотаётган гуруҳ ушлангани маълум қилинганди.