Коронавирус бемори даволанган уйда вирус неча кунгача сақланиб қолиши маълум бўлди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов 4 ноябрь, чоршанба куни АОКАда ўтказилган брифингда коронавирус бемори даволанган уйда вирус неча кунгача сақланиб қолишини маълум қилди. Бу ҳақда брифингда қатнашган «Tez News» мухбири хабар берди.

Кадр: YouTube

Илмий тадқиқодларга кўра, коронавирус инфекциясининг юза қисмларда ўртача яшаш даври 2 соатдан 8—10 кунгача бўлган даврни ташкил этади.

«Касаллик аниқланган уйда дезинфекция тадбирларини ташкиллаштириш керак. Бу борада касаллик аниқланган уйда ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати ҳодимлари томонидан маълумот дезинфекция бригадаларига етказилади ва улар томонидан ўчоқли дезинфекция тадбирлари амалга оширилади. Қолаверса, хонадонда яшовчилар ўзлари ҳам уй шароитида дезинфекция тадбирларини ўтказиши мумкин. Дезинфекция дейилганда нафақат хлорли воситалар, балки хоналарни тез-тез шамоллатиш, нам тозалов ишларини олиб бориш тавсия этилади. Албатта, бундай тадбирларни ўтказишда шахсий ҳимояга эътибор берилиши зарурдир», — дейди Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов.

Аввалроқ америкалик олимлар коронавирусга қарши антитаначалар инсон организмида қанча муддат сақланишини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди.

Бундан ташқари, олимлар кўзойнак таққан одамларга COVID-19 юқиш эҳтимоли беш баравар камлигини аниқлаганди. Шунингдек, австралиялик олимлар томонидан коронавирус инфекцияси смартфонлар экранида бир ойгача сақланиб қолиши маълум қилинди. Кейинчалик мутахассис коронавирус антитаначаларини аниқловчи тестни фойдасиз деб атагани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар