Тошкент халқаро аэропортига «Air Arabia» авиакомпаниясининг илк самолёти келиб қўнди

Бирлашган Араб Амирликлари «Air Arabia Abu-Dabi LLC» авиакомпаниясининг Шаржа—Тошкент—Шаржа йўналишидаги биринчи қатнови 4 ноябрь, чоршанба куни Тошкент халқаро аэропортига етиб келди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Дастлабки парвоз режага кўра Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига соат 18:00 атрофида келиб қўнган. Янги рейсни кутиб олиш жараёнида «Uzbekistan Airports» АЖ ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил қилинган.

Фото: «Tez News»

«Ушбу парвоз Ўзбекистон ва Бирлашган Амирликлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларида қўйилган яна бир қадамдир. Ушбу парвозларни мунтазам равишда йўлга қўйилгани икки томонлама, хам иқтисодий, хам маданий муносабатларнинг ривожига хизмат қилиб, икки давлатнинг туризм соҳасини ривожланишига хизмат қилади. Ўзаро туристлар оқимини кўпайиши нафақат икки давлат, балки икки халқ ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига асос яратади», — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раис ўринбосари Улуғбек Аъзамов.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Тошкент халқаро аэропортининг халқаро ташувларни ташкиллаштириш хизмати раҳбари Умид Ҳамроевнинг сўзларига кўра, ушбу қатнов борасида анча ойлардан бери, пандемия шароити бўлишига қарамасдан, Транспорт вазирлиги ҳамда «Air Arabia Abu-Dabi LLC» авиакомпанияси вакиллари билан биргаликда ўзаро музокаралар олиб борилган ва келишувларга эришилган. Натижада мунтазам қатнов йўлга қўйилган. Бундан ташқари, яқин кунларда Абу-Даби—Тошкент—Абу-Даби йўналиши бўйича янги парвоз қатнови амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Фото: «Tez News»

«Биз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти бу парвозларга ҳамда ундаги йўловчиларга ўз вақтида сифатли ва қулай хизмат кўрсатишга тайёрмиз ва бунга ваъда берамиз», — дейди халқаро ташувларни ташкиллаштириш хизмати раҳбари.

Фото: «Tez News»

Маълумот ўрнида, «Air Arabia» Бирлашган Араб Амирликларининг алоҳида нуфузга эга бюджет авиакомпанияси ҳисобланади. Бош қароргоҳи Шаржа шаҳрида жойлашган. Самолётлари йўловчи ташиш бўйича дунёнинг 89 мамлакатига 170 йўналишда парвоз қилади. Ўзбекистонга мазкур ҳамкор авиакомпаниянинг «Airbus-320-214» ва «Airbus-321-251NX» русумли ҳаво кемалари қатнайди.

Фото: «Tez News»

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Air Arabia» авиакомпаниясининг Тошкентга амалга ошириладиган мунтазам парвозлари ноябрь ойидан бошланиши маълум қилинганди.