Ўзбекистонда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилади

Ўзбекистонда ёш оилалар ажримининг олдини олиш мақсадида махсус марказ очилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бу Вазирлар Маҳкамасининг 31 декабрь кун қабул қилинган «Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига киритилган. Қарорга асосан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилади.

Марказларнинг асосий вазифаларидан бири никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва буджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлаш ҳисобланади.

Шунингдек, марказларда ФҲДЁ органларига никоҳни қайд этиш учун ариза берган ва ўқув машғулотларида қатнашиш учун розилиги олинган 30 ёшдан ошмаган никоҳланувчи шахслар махсус дастур асосида бепул ўқитилади.

Таъкидланишича, ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг томонлари ҳам марказларда ихтиёрий ўқишлари мумкин. Марказлардаги ўқув машғулотлари режалари ҳар ойда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари расмий веб-сайтларида эълон қилинади. Ўқув ташғулотларида тўлиқ қатнашган тингловчиларга тантанали равишда сертификат топширилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими яратилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар