Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни барқарор ушлаб туриш учун нима қилиш кераклигини айтди

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни барқарор ушлаб туриш учун нима қилиш кераклигини айтди.

Фото: Халқаро пресс клуб

Вазирнинг сўзларига кўра, коронавирус билан боғлиқ барқарор вазиятни ушлаб туриш — кўп жиҳатдан одамларга боғлиқ. Унинг таъкидлашича, инсон ўз саломатлигини асраш устида биринчи навбатда ўзи ўйлаши лозим.

«Бунинг учун нималар қилиш лозим? Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан холи бўлиш, касалликнинг илк белгилари пайдо бўлгандаёқ бирламчи бўғим муасасаларига мурожаат қилиш жуда муҳим. Ана шунда касалликнинг олдини олиш ва ўз вақтида чора кўриб, оғир формаларга ўтиб кетмаслигини таъминлаш мумкин», — дейди Абдуҳаким Ҳожибоев.

Маълумот ўрнида, 2021 йил 4 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 77 295 нафарни ташкил этган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1136 нафар бемордан 155 нафари оғир, 29 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 83 миллион 910 мингдан ортиқни ташкил этмоқда, шундан 2021 йил 4 январь Европа вақти билан соат 17:33 ҳолатига кўра 1 миллион 839 мингдан зиёд киши вафот этган.

Аввалроқ Ўзбекистонга бир ҳафта ичида кириб келган 21 кишида коронавирус аниқланганди. Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Oтабеков қандай ҳолатда пандемияни енгиш мумкинлигини маълум қилганди.

Янгиликлар