Ўзбекистондан қочган икки маҳбус Қирғизистон чегарасида ушланди

Қирғизистон чегарачилари Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан биргаликда ўзбекистонлик икки маҳбусни қўлга олишди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизматига таяниб, «Today.kg» нашри хабар берди.

Хабар қилинишича, чегарачиларга икки нафар маҳбус Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги қамоқхонадан қочиб кетганликлари ҳақида ахборот келиб тушган. Давлат чегарасида кўрилган чоралар натижасида чегарачилар Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан биргаликда мамлакатдан чиқиб кетиш учун қамоқдан қочиб кетган икки маҳбусни қўлга олган.

Чегарачилар ва Ички ишлар вазирлиги ходимларининг ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон фуқаролари — 1996 йилда туғилган С.Х. ва 1991 йилда туғилган A.Б. Жалолобод вилояти Aкси туманининг Бел-Согот ҳудудида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган пайтда қўлга олинди, дейилади хабарда.

Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг ушланганлар қўшимча тергов учун Ички ишлар вазирлигига топширилган.

Аввалроқ Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Aзимжон Aсқаров Ўзбекистонда дафн этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қозоғистондан ноқонуний равишда 190 бош қўй-қўзи олиб ўтган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар