Тошкент вилоятида минг ўринли кўп тармоқли клиник шифохона ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 5 август, чоршанба куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан ўтказилган тақдимотда соғлиқни сақлаш соҳасида 270 миллион долларлик 14 та лойиҳани жадаллаштиришни тайинлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, икки ой муддатда Қорақалпоғистон, Хоразм ва Тошкентда гемодиализ марказларини ташкил этиш бўйича тендерларни якунлаш вазифаси қўйилди. Ушбу лойиҳалар доирасида йилига 1100 беморнинг умрини 10 йилга узайтириш имкони яратилади. Гемодиализ харажатлари учун бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилади.

Мамлакатда ҳар йили 20 мингдан зиёд онкологик бемор рўйхатга олинади. Мутасаддиларга йил якунига қадар 2 та радиотерапия марказини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш топшириғи берилди. Шунингдек, йил якунига қадар Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида «қуриш – бошқариш – топшириш» принципи асосида минг ўринли кўп тармоқли клиник шифохона ташкил этиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш юклатилди.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев бир ҳафта ичида коронавирус вакцинасини харид қилиш йўлларини ўрганиб чиқиш ҳақида топшириқ бергани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент ҳокимликларга интенсив ва реанимация ўринларини кўпайтириш вазифасини қўйган эди.