Вобкентда ўзбошимчалик билан битум эритаётган фуқаро жаримага тортилди

Бухоро вилояти Вобкент туманида ўзбошимчалик билан битумни махсус идишсиз очиқ аланга олдириб эритаётган фуқаро жаримага тортилди, деб хабар берди вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати.

Фото: Бухоро вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати

Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Вобкент туман инспекцияси давлат инспекторлари томонидан 2020 йилнинг 4 август куни тезкор экологик рейд тадбири ўтказилган. Рейд давомида Ғиждувон туманида туғулган фуқаро К.О. Вобкент туманидаги «Шакаркент» МФЙга тегишли йўл бўйида белгиланмаган жойда ўзбошимчалик билан битумни махсус идишсиз очиқ аланга олдириб эритаётганлиги ҳолати аниқланган.

Қонунбузар фуқарога нисбатан «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги конун талабларига риоя қилинмаганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 1-қисми (Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) билан 223 000 минг жарима миқдори белгиланган.

Аввалроқ Наманганда фойдали қазилмаларни эксковаторда рухсатсиз қазиб олаётган фуқарога 11 миллион сўмдан ортиқ жарима белгилангани, Бухорода қамишларни сув ҳавзасидан ноқонуний равишда ўриб кетаётган шахс тўхтатиб қолингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар