Тошкент вилояти прокуратураси катта терговчиси Турғун Камолов коронавирус оқибатида вафот этди

Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Турғун Камолов коронавирус оқибатида вафот этди. Бош прокуратура матбуот хизмати катта терговчининг коронавирусга чалинганини «Tez News»га тасдиқлади.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Камолов Турғун Жуманович 1966 йил Тошкент шаҳрида туғилган, оилали, 3 нафар фарзанди бор. 1995 йилдан буён прокуратура органларида хизмат қилиб келган. 2020 йилдан Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси лавозимида ишлаган.

«Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоаси Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Камолов Турғун Жумановичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бахтиёр Патиддинов, Тойлоқ тумани прокурори Фарход Абдухоликов, «чинозлик Аҳмадбой» устидан ҳукм чиқарган судья Хайриддин Шермуҳамедов коронавирус оқибатида, «Ўзбектуризм» раисининг биринчи ўринбосари пневмониядан вафот этган эди.

Янгиликлар