Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ГДС қурилмаси ишга туширилди
Фарғона шаҳридаги «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи»да 5 ноябрь, пайшанба куни дизель ёнилғисини гидротозалаш (ГДС) қурилмаси ишга туширилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Тадбир очилишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, «Jizzakh Petroleum» МЧЖ бош директори Шокир Файзуллаев, Давлат активларини бошқариш агентлиги департаменти директори Aлишер Миралиев ҳамда Франциядаги «Аxens» компаниясининг Ўзбекистондаги вазили Aдҳам Раҳимжонов иштирок этди. Маълум бўлишича, 2020—2023 йилларда ФНҚИЗда гидрокрекинг ва изомеризация жараёнларини босқичма-босқич жорий этиш (ёқилғи ва мой махсулотлари олиш усули) ҳамда «Евро 5» стандартидаги AI-92 маркали автомобиль ва дизель ёқилғиларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 2020 йил 5 ноябрдан бошлаб «Евро 4» ва «Евро 5» дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришни бошлаш заводни модернизациялашнинг биринчи босқичи бўлиб, инвестицион лойиҳанинг умумий қиймати 300 миллион долларни ташкил этади.
Лойиҳа доирасида 1999 йилда фойдаланишга топширилган ГДС қурилмасининг мавжуд катализаторини замонавий ва юқори самарадор бўлган катализаторларга алмаштириш мақсадида Франциянинг «Axens» компанияси билан катализатор ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Қурилма «Тойо инжиниринг корпорейшн» (Япония) томонидан қурилган бўлиб, унинг лойиҳавий қуввати йилига 1 миллион 700 минг тоннани ташкил этади. Ўзгаришлар заводда ишлаб чиқарилаётган «Евро 2» дизель ёқилғиси сифатини келгусида «Евро 4» ва «Евро 5» стандартлари талаблари даражасига ошириб, олтингугурт чиқиндиларини камайтиришга, экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
«Евро 4» ва «Евро 5» дизель ёнилғисининг қуйидаги асосий афзалликлари мавжуд:
- ёнилғининг ёниш жараёнини такомиллаштириш ва унинг сарфини камайтириш;
- шовқин, тебраниш ва коррозия тезлигини пасайтириш;
- двигателни ишга туширишни осонлаштириш.
Бундан ташқари, Фарғона НҚИЗ илгари ишлаб чиқарилмаган ва чет элдан сотиб олинадиган қишки дизель ёнилғисини ишлаб чиқаришни бошлайди. Шундай қилиб, завод мутахассислари лаборатория тадқиқотлари, саноат синовлари ҳамда янги ДТЗ-2 маркасидаги паст қотиш хароратига эга қишки мавсум учун мўлжалланган дизель ёнилғисини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бутун циклни амалга оширди.
Натижада -25 даражадан юқори бўлмаган қотиш ҳароратига эга ва фильтрланишнинг максимал ҳарорати -18 даражадан юқори бўлмаган қишки дизель ёнилғиси нефть маҳсулотларини сотиш биржасида оммавий истеъмолчига тақдим этилади.
Таъкидланишича, паст даражадаги қотиш хусусиятларидан ташқари, ушбу дизель ёнилғиси юқори эксплуатацион хусусиятларга эга бўлиб, бу ўз навбатида двигателнинг юқори қувват ва самарадорлигини оширишни, ёнилғи линияси орқали осон ўтказилишини ва совуқ стартни енгиллаштиришни таъминлайди.
Аввалроқ Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи дизель ёнилғиси нархларини пасайтиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада 2023 йилдан бошлаб AI-92 бензин ва «Евро 5» стандартидаги дизель ишлаб чиқарилиши хабар қилинган.