Ўзбекистонда агрохизмат марказларини ташкил этишга 70 млн доллар йўналтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни Жаҳон банки иштирокида «Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Йиғилишда сув хўжалиги, чорвачилик, карантин, кадастр, молия, солиқ ва бошқа тегишли идоралар маълумотлар базасини ушбу тизимга интеграция қилиш муҳимлиги таъкидланди, дея хабар беради Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Жаҳон банки томонидан ажратилган 500 миллион доллар кредит маблағларининг 70 миллион доллари кўчатлар етказиб бериш, фитосанитария, геоахборот ва сертификатлаш хизматларини кўрсатадиган агрохизмат марказларини ташкил этишга йўналтирилади. Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш учун берилаётган 10 миллион доллар ҳисобига ерларнинг ҳосилдорлиги, тупроқ таркиби таҳлили, зарур минерал ўғитлар тури ва миқдори, солиқ, транспорт-логистика ва маҳсулотлар бозорлари ҳақида маълумотлар олиш имкони яратилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига илмий-тадқиқот муассасалари ва ихтисослашган марказларни академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида жойлаштириб, лаборатория ускуналари ва техникалар билан таъминлаш, вилоятлардаги қишлоқ хўжалиги коллежлари негизида уларнинг филиалларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ушбу муассасаларни юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, хориждан консультантлар жалб қилиб, уларни ўқитиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари ҳар бир илмий-тадқиқот муассасаси ва марказ илмий ишланмаларини сотадиган тижорат ташкилотига айланиши зарурлигини таъкидлади.

«Қишлоқ хўжалигини илм билан қилмасак, харажатларимиз натижа бермайди. Ҳар бир лойиҳа манфаатдорликни таъминлаш, рентабелликни оширишга хизмат қилиши керак. Пировард маррамиз — экспорт. Илмий асосланган, стандартларга мос маҳсулот чиқарилса, бозор топилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, кооперативлар ва кластерларни ривожлантиришга мўлжалланган 200 миллион доллар ҳудудлар ўртасида тақсимланган. Бундан ташқари, халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан Фарғона водийси учун қўшимча 54 миллион доллар ҳамда Хоразм вилоятига 100 миллион доллар маблағ ажратилган.

Aввалроқ Фарғонада сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида 25 миллион доллар кредит ажратилиши ҳақида хабар берилганди. Қайд этилишича, «Фарғона вилоятида сувдан самарали фойдаланиш даражасини ошириш жамғармаси»га Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 25 миллион доллар эквивалентида сўмда кредит ажратиш кўзда тутилмоқда.

Янгиликлар