Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги соҳасига ажратилган кредитнинг бир долларини уч долларга айлантириш зарурлигини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев 6 август, пайшанба куни Жаҳон банки иштирокида «Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Президент Жаҳон банки томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига ажратилган 500 миллион доллар кредитнинг ҳар бир долларини уч долларга айлантириш, имтиёзли кредитларни қайтариш бўйича аниқ ҳисоб-китоб асосида ишлаш зарурлигини таъкидлади.

Лойиҳа доирасида интенсив боғ майдонларини кенгайтиришга 65 миллион доллар йўналтириш белгиланган. Хусусан, бунинг ҳисобидан Тошкент вилоятида 500 гектар, Aндижон, Бухоро, Наманган, Фарғона ва Самарқандда 300 гектардан, Жиззахда 250 гектар, Қашқадарё ҳамда Сурхондарёда 200 гектардан, Қорақалпоғистонда 100 гектар майдонда янги усулдаги интенсив боғлар яратилиши режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мутасаддиларга қисқа муддатда ерларни ажратиб, 2021 йил баҳорда боғларни фойдаланишга топшириш вазифаси юклатилди. Яна 65 миллион доллар эвазига замонавий агрологистика марказлари ва комплексларини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди. Йиғилишда қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоят ҳокимлари жалб қилинаётган маблағлар ўзлаштирилишини лойиҳалар кесимида тақдимот қилди ҳамда ишни ташкил қилиш режалари бўйича ахборот берди.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар