Сирдарёда вилоятдаги тез ёрдам машиналарининг «чириб кетгани» тўғрисидаги айбловлар рад этилди

Сирдарё вилояти ҳокимлиги Янгиер шаҳар тез ёрдам ҳайдовчиларининг вилоятдаги тез ёрдам машиналарининг «чириб кетгани» тўғрисида йўллаган айбловларини рад этди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси автохўжалигида жами 144 дона автотранспорт воситаси мавжуд бўлиб, шундан 88 таси тез тиббий ёрдам автомашиналарини ташкил қилади. Буларнинг таркибида тўлиқ тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган, сўнгги русумдаги 3 та «Nissan», 8 та «Hyundai», 2 та «Toyota» — жами 13 та реанимацион автомобиллар ҳам хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, Президент топшириғидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан 14 дона тез тиббий ёрдам автомашинаси харид қилинди. Ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қўшимча 3 дона тез тиббий ёрдам автомашиналари хайрия қилинган. Ҳозирги кунда ушбу тез тиббий ёрдам автомашиналари туман ва шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимларида хизмат кўрсатиш учун юборилган.

Шу жумладан, Янгиер шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига 1 та янги «Damas» русумли қўшимча тез тиббий ёрдам автомашинаси юборилган. Ҳозирда Янгиер шаҳрида 4 та тез тиббий ёрдам автомашиналари 43 700 аҳолига хизмат кўрсатаётгани маълум қилинди.

Aввалроқ Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш учун 200 миллиард сўм ажратилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда тез ёрдам ходимлари 3 миллиондан 5 миллион сўмгача қўшимча рағбатлантирилиши маълум қилинган эди.

Янгиликлар