Учтепа туманидаги учта маҳалла аҳолиси Тошкент вилояти таркибига ўтишга норозилик билдирди

Учтепа туманидаги учта маҳалла аҳолиси Тошкент вилояти таркибига ўтишга қарши чиқиб, маҳалла қўмитаси биносига тўпланди.

Фото: «Gazeta.uz»

Маълум қилинишича, Тошкентнинг Учтепа туманидаги «Кўксарой», «Ўрикзор» ва «Зарафшон» маҳаллалари аҳолиси 6 август куни ўз маҳаллаларининг Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудига ўтказилишига қарши норозилигини билдириш учун маҳалла қўмитаси биносига тўпланди.

Ушбу маҳаллалардан бирида яшовчи ҳамда исми сир бўлиб қолишини истаган фуқаро мазкур учта маҳалла аввал битта «Ўрикзор» маҳалласи таркибида бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, туманнинг бу қисмини Тошкент вилоятига ўтказиш бир қатор сабабларга кўра ноқулайликларни келтириб чиқаради.

У янги туманга ўтиш прописка, кадастр ҳужжатлари, автомобиль ҳужжатлари ва рақамларини алмаштиришга тўғри келишини, бу эса қўшимча харажатларга олиб келишини айтиб ўтди.
Бошқа бир фуқаро «Ўрикзор» маҳалла қўмитасига учта маҳалладан 100 нафардан ортиқ киши келганини маълум қилди. «Ўзбекистон 24» телеканалида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти чегаралари ўзгариши тўғрисидаги лавҳа эълон қилинганидан сўнг Telegram мессенжерида махсус гуруҳ очилди.

Фото: «Gazeta.uz»

Қайд этилишича, туман ҳокими Фарҳод Абдуллаев масалани ечишга ваъда бериб, одамларга уйларига қайтиш, чунки аҳолининг тўпланиши карантин қоидаларининг бузилиши ҳамда турли касалликларга чалиниш хавфини вужудга келтиришини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 5 август, чоршанба куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти билан танишган эди. Унда пойтахтдан Тошкент вилоятига 1010 гектар, вилоятдан пойтахтга 10196 гектар ер майдони ўтказилиши таклиф қилинган эди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида Янги ҳаёт тумани ташкил этилиб, унга Сергели туманидан 1752 гектар, Бектемирдан 267 гектар, Зангиотадан қарийб 328, Қуйи Чирчиқдан салкам 129, Янгийўлдан 263, Ўрта Чирчиқдан 1346 гектар ер ажратилади ва Янги ҳаёт туманинининг ҳудуди жами 4085 гектарга тенг бўлиши маълум бўлди.

Янгиликлар