Ғиждувонда қиймати 15 млн сўмдан ортиқ маҳсулотни кимё корхонасидан ҳужжатларсиз олиб чиқаётган шахс ушланди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида қиймати 15 миллион сўмдан ортиқ маҳсулотни кимё корхонасидан ҳужжатларсиз олиб чиқаётган шахс аниқланди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 4 сентябрь, жума куни соат 09:30 да Ғиждувон туманида 24 ёшли фуқаро М.A. бошқарувида бўлган «Doniyor Logi Trang» масъулияти чекланган жамиятига қарашли «Volvo» русумли юк автомашинаси «Навоийазот» акциядорлик жамиятининг «Жанубий автотранспортлар чиқиш дарвозаси»да хизмат олиб бораётган Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан тўхтатилган.

Қайд этилишича, автомобиль юкхонаси кўздан кечирилганда, юк хатига асосан 20 тонна ПВХ-С-63-46-М (СГ5)-маркали суспензияли поливинилохлорид маҳсулоти юкланиши кўрсатиб ўтилган. Лекин у ерда 22 тонна поливинилохлорид маҳсулоти борлиги аниқланган.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Мазкур ҳолатни ўрганиш жараёнида ортиқча юкланган 2 тонна маҳсулотнинг қиймати 15 миллион 405 минг 120 сўм миқдорида эканлиги ҳамда ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб чиқиб кетилаётганлиги маълум бўлган.

Воқеа жойига Навоий шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов-тезкор гуруҳи чақиртирилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода Эрондан олиб келинган 48,2 миллион сўмлик мебель ва маиший техника воситаларини яширинча олиб киришга уринган шахслар фош этилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Бухорода Қизил китобга киритилган балиқларни овлаб, табиатга 32 миллион сўмдан ортиқ зарар етказган фуқаро қўлга тушгани маълум қилинди.

Янгиликлар