Наманган вилояти ҳокими ўзини ёқиб юборган аёл хонадонига борди

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Aбдураззақов 6 октябрь куни МИБ ходимлари ҳаракатига норозилик сифатида ўзига ўт қўйиб, вафот этган аёл хонадонини йўқлади. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.

Фото: «Daryo»

Шавкат Aбдураззақов Наманган шаҳридаги «Истиқбол» маҳалласида бўлиб, марҳума Гуландом Дадабоеванинг яқинларига таъзия билдирди. Унинг 15 ва 12 яшар ўғиллари муносиб шароитларда вояга етишларида ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлади.

«Мазкур ҳолат бўйича ҳозирда прокуратура идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уларнинг натижаси бўйича вазиятга қонуний, ҳуқуқий баҳо берилади ва бу ҳақда, албатта, жамоатчиликка маълум қилинади», — деган вилоят ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, 29 сентябрь куни Мажбурий ижро бюроси томонидан мажбуран уйидан чиқарилмоқчи бўлган 35 ёшли аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлганди.

Марҳум фуқаро танасининг 80 фоизидан ортиқ қисми куйиш оқибатида 30 сентябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар