Қоракўлда 34 киши «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди (фото)
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида 6 октябрь, сешанба куни 34 нафар фуқаро «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда Қоракўл тумани ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Қайд этилишича, тақдирланганларга кўкрак нишонлар ва эсдалик совғалари Қоракўл тумани ҳокими Шерали Саломов томонидан топширилган. Туман раҳбари ушбу мукофот Қоракўл фаолларининг синовли даврда халқ фаровонлиги йўлида қилган муносиб хизматларининг эътирофи эканлигини таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, Инқирозга қарши кураш, «Меҳр ва саховат» жамғармаси маблағлари ҳисобидан, шунингдек, Қоракўл тумани ҳокимлиги томонидан пандемия сабабли аҳолининг мураккаб аҳволга тушиб қолган қатламига 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар бевосита йўналтирилган. Туманда табиий офатдан жабр кўрганларга 100 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган. Секторлар томонидан 4361 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг 2514 нафари камбағалликдан чиқарилган.
Маълумот ўрнида, Президентнинг 2020 йил 26 майдаги «‘Меҳр-саховат’ кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармони тасдиқланган. Фармонга кўра, мураккаб вазиятда халқ, фуқаролар тақдирига бефарқ бўлмай, ўзининг хайирли саховатлари билан барчага ўрнак бўлиб келаётган саховатли тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг фидойи ходимлари ҳамда бошқа ташаббускор ва фаол фуқаролар «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотланиши белгиланган.
Мавзуга доир:
Бухоро давлат университети битирувчиси «Дўстлик» ордени билан мукофотланди (фото)
Аввалроқ Учкўприкда 19 нафар, Данғарада 13 нафар, Булоқбошида 9 нафар, Қувасой шаҳрида 17 нафар ҳамда Қоровулбозорда 24 нафар фуқаро «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳақида хабари берилганди.