Учкўприкда 19 нафар фуқаро «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотланди
Фарғона вилояти Учкўприк туманида бир гуруҳ тиббиёт ходимлар, тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилот вакиллари «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, коронавирус пандемияси даврида фидойилик кўрсатган ходимларнинг меҳнатини эътироф этиш, уларни рағбатлантириш мақсадида Шавкат Мирзиёевнинг 26 августда «‘Меҳр-саховат’ кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармони имзоланган. Мазкур фармонга асосан туман ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда фидойилик кўрсатган учкўприклик 19 нафар меҳрли ва саховатли инсонларга кўкрак нишонлар ҳамда гувоҳномалар топширилди.
«Бугунги синовли даврда халқимиз фаровонлиги йўлида қилган камтарона меҳнатим шундай эътирофга муносиб кўрилганидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Ушбу мукофотни ўзим учун катта масъулият деб билдим. Бу эътибор бизни янада шижоат, фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди. Бундан кейин ҳам халқимизнинг оғирини енгил қилишда камарбаста бўламиз», — дейди ‘Top victory’ масъулияти чекланган жамияти бош директори Комилжон Холматов.
Тадбирда сўз олган сектор раҳбарлари ушбу мукофот туман фаолларининг синовли даврда аҳоли саломатлигини асраш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, халқ фаровонлигини таъминлашдаги муносиб ҳиссаларининг эътирофи эканлигини таъкидлашди.
Aввалроқ Марғилонда 20 нафар тиббиёт ходими «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотлангани ҳақида хабар берилганди.