Марғилон шаҳрида нечта хонадон табиий газ билан таъминлангани маълум бўлди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 28 252 та хонадон табиий газ билан таъминлангани маълум бўлди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Марғилон шаҳрида жами 49 491 та хонадон газ билан таъминланган. Мазкур хонадонларнинг 28 252 (57 фоизи) таси табиий газ билан ҳамда қолган 21 239 (43 фоизи) таси суюлтирилган газ билан таъминланган.

Таъкидланишича, Марғилон шаҳридаги «Туғриқ уйи» ва «Туягум» маҳаллалари ҳудудидаги 739 та ва «Қашқар» маҳалласида 170 та, жами 909 та аҳоли хонадони белгиланган тартибда суюлтирилган газ таъминотидан қайта табиий газ таъминотига ўтказилмоқда. Мазкур ишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 декабрдаги «2020—2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 3-в иловаси асосида амалга оширилмоқда.

Шунингдек, юқоридаги қарорга асосан Марғилон шаҳрида истиқомат қиладиган аҳоли хонадонига 14 102 та замонавий газ ҳисоблагичи ўрнатилган.

Аввалроқ Фарғонада газ истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида салкам 40 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши ва Ўзбекистон туманида салкам 34 минг хонадон суюлтирилган газ билан таъминлангани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Фарғона туманида истеъмолчиларга суюлтирилган газ тарқатиш режаси ўтган 9 ойда 103 фоизга бажарилгани ҳамда Ўзбекистонда суюлтирилган газ баллонлари онлайн назорат қилиниши маълум қилинганди.

Янгиликлар