Ўзбекистонга 8 ноябрь куни Кавказ ҳудуди орқали совуқ ҳаво оқими кириши кузатилади
Ўзбекистонга 8 ноябрь, якшанба куни Кавказ ҳудуди орқали совуқ ҳаво оқими кириши кузатилади. Бу ҳақда Гидрометерология хизмат маркази хабар берди.
Таъкидланишича, 8 ноябрь куни Ўзбекистонга Кавказ ҳудудидан совуқ ва нам ҳаво оқими кира бошлайди. Кун давомида ушбу оқим республиканинг шимоли—ғарбий туманларига тарқалади. Кечга бориб у Ўзбекистоннинг марказий туманларига ўтади.
Ушбу жараёнда республика бўйича булутлилик ортади, Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг айрим жойларида ёмғир ёғади. Шунингдек, 8 ноябрь кечаси ва 9 ноябрь эрталаб Ўзбекистоннинг марказий ва жануби—шарқий туманларида ёмғир ёғади. Тоғли ҳудудларда ёмғирнинг қорга айланиш эҳтимоли бор, айрим жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, 8 ноябрь куни кундузи ҳарорат бир оз пасаяди. Республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат 15—20 даража илиқ, шимолда 8—13 даража илиқ бўлади. Кейинги ҳафтанинг бошида эса совуқ тушади, тунги ҳарорат 0—5 даража илиқ, кундузи 10—15 даража илиқ бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистонга Волгабўйи орқали совуқ ҳаво оқими кириши кузатилгани ҳақида хабар берилганди.