Учкўприкда 200 долларни қалбакилаштирган эркак қўлга олинди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида 2 та 200 долларлик купюрани қалбакилаштирган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 3 ноябрь, сешанба куни фуқаро Б.А. Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган. Мурожаатда 2020 йилнинг 10 май куни номаълум шахс Бегобод қишлоғи ҳудудида жойлашган кредит савдо дўконида уяли телефон сотиб олмоқчи эканлигини айтган ва мурожаатчига тегишли бўлган «Samsung Galaxy A 20-S» русумли уяли телефон аппаратини 2 миллион 100 минг сўмга сотиб олишга келишган.

Кейинчалик номаълум шахс мурожаатчига икки дона 100 доллар купюрасидаги 200 доллар ҳамда 80 минг сўм пулни берган ва телефонни олиб, дўкондан чиқиб кетган. Мурожаатчи номаълум шахсдан олган 200 доллар купюраси қалбакилиги ҳақида шубҳа қилганлигини маълум қилган.

Хабарга кўра, ўтказилган техник криминалистик экспертизасининг хулосасига кўра, 2 дона 200 доллар қийматидаги купюра АҚШ пул билетларини ишлаб чиқарувчи давлат корхоналарида тайёрланмаганлиги ва купюра текис офсет босма усулда амалга оширилганлиги кўрсатиб ўтилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур жиноятни фуқаро Д.Ф. содир этганлиги аниқланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқоридаги кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Бухорода қалбаки 98,5 минг долларни муомалага киритмоқчи бўлганлар ва Андижон туманида салкам 7 миллион сўм пулни қалбакилаштирганлар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Андижон шаҳрида уйида сохта ҳужжатлар тайёрлаш билан шуғулланувчи эркак ҳамда Сирдарёда автомашина том қисмига қалбаки 20 минг доллар яширган йўловчилар ушлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар