Бухорода COVID беморига 40 млн сўм компенсация ундириб бериш учун 200 доллар сўраган шахс қўлга тушди

Бухоро шаҳрида коронавирусга чалинган беморга тўланадиган компенсация пулини 200 долларга пулламоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Г.Т. фуқаро З.Ф.нинг ўзини юқори турувчи давлат ташкилотида ишлашини ва ундан коронавирус инфекциясига чалинган опаси Г.Ф.га танишлари орқали 40 миллион сўм компенсация пули тайинлатиб беришини айтгани аниқланган. Бунинг эвазига Г.Т.  200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, терговга қадар текширувда, Г.Т. фуқаро У.дан 2 000 АҚШ доллари ва фуқаро М.дан 750 АҚШ долларини олиб, уларни «Лукойл» компаниясига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Г.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот учун, ушбу модда билан судланган фуқаро базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Фарғонада 2 бош қорамолни сотиб олиб, пулини охиригача тўламай, молларни бошқа кишига сотиб юборган фуқарога жиноят иши қўзғатилгани, Жомбойда 5 дона уйни кредит асосида олиб беришни ваъда қилиб, танишини салкам 16,5 минг долларга «ухлатган» шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар