Жомбойда кредит асосида 5 та уй олиб беришини ваъда қилиб, танишини салкам 16,5 минг долларга «ухлатган» шахс қўлга олинди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида 5 дона уйни кредит асосида олиб беришни ваъда қилиб, танишидан 2018 йилнинг декабр ойидан 2020 йилнинг март ойига қадар бўлган вақт оралиғида бўлиб-бўлиб жами 16 400 AҚШ долларини олиб, ҳозирги кунга қадар уй олиб бермаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.

Фото: Тергов департаменти

Хабарга кўра, мазкур туманда яшовчи 29 ёшли С.М. таниши Ш.М.га Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан кам таъминланган оилаларга Самарқанд шаҳар «Обод маскан» маҳалласи Корасув масканида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бераётганлигини айтган.

Шунингдек, Ш.М.га ҳам ушбу жойдан 5 та уйни кредит шартлари асосида арзон нархда олиб беришини ваъда қилиб, унинг ишончига кирган.

Таъкидланишича, С.М. танишидан жами 16 400 доллар олиб, ҳозирги кунга қадар уй олиб бермасдан пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ хузуридаги Тергов бўлими томонидан С.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошлоқда салкам 40 миллион сўмлик қорамолларни олиб, пулини тўламаган шахс қўлга олингани, Наманганда танишига «Lacetti»сини сотишни ваъда қилиб, уни 4750 долларга чув туширган шахс ушлангани, Фарғонада маиший техника воситаларини арзон нархда олиб беришини айтиб, танишини 55 минг долларга «ухлатган» шахс қўлга олингани, Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган фирибгарга жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Қувасойда 18 миллион сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган фирибгар аёлга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар