Тошкентда 170 млн сўмдан ортиқ дори воситаларини сохта шартнома орқали сотаётган шахс қўлга олинди

Тошкентда 171 миллион сўмлик дори воситаларининг сохта шартнома орқали сотаётган шахс жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News» га хабар қилди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро A.С. пандемия шароитида аҳоли талаби юқори бўлган дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиб, даромад орттириб қолиш мақсадида 500 дона «Клексан», 300 дона «Гепарин», 200 дона «Цефоперазон-сул», 500 дона «Меропенем», 500 дона «Aрбидол 50 мг» ва «Aрбидол 100 мг» дори воситаларини жами 171 миллион сўмга сохта шартнома орқали харидорга сотган вақтда ашёвий далил билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан A.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси 2-қисми «а» банди ва 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент туманида вирусга қарши дориларни 131 миллион сўмга сотаётган шахслар қўлга олингани ҳамда Оққўрғонда 30 қути дори воситасини жами 8,1 миллион сўмга сотган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар