Ургутда аҳолини ичимлик суви билан кун-у тун таъминлаш мақсадида сув иншоотлари қурилади

Самарқанд вилояти Ургут туманида сутка давомида 2-3 соат етказиб берилаётган ичимлик суви билан 24 соат давомида таъминлаш учун сув иншоотлари қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 513 мингдан ортиқ аҳоли яшовчи Ургут туманининг тоғли ҳудудларида тоза ичимлик суви масаласи аҳоли тортишувларига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, «Камонгарон» ва «Вағашти» маҳаллаларида ҳам узоқ йилдан буён ичимлик суви тақсимоти билан боғлиқ муаммо маҳаллий аҳолининг эътирозини келтириб чиқармоқда. Ушбу икки қишлоқ аҳлининг ичимлик сувига бўлган талабини қондириш, тун-у кун кафолатланган тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида бугунги кунда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Эркинжон Турдимов бир ҳафта муддат ичида мавжуд сув тармоқларини тозалаш, айрим ҳудудларда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилишини маълум қилган. Параллель равишда сутка давомида 2-3 соат етказиб берилаётган тоза ичимлик суви масаласини яхшилаш, яъни 24 соат давомида сув билан таъминлаш имконини берувчи сув иншоотларини қуриш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Вилоят ҳокими лойиҳалар тузилишида ҳудуд аҳолисининг фикрлари, таклифлари ҳам ҳисобга олинаётганлигини қайд этди. Шунингдек, лойиҳа таклифлари тақдимоти ўтказилиб, маҳаллий аҳоли билан ҳамфикрликда мақбул лойиҳа таклифини амалиётга тадбиқ этиш борасида ишлар бошланиши билдирилди. Вилоят ҳудудларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар давом этмоқда.

Маълумот учун, Наманганда ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 241 миллион долларлик 4 та лойиҳа амалга оширилади. Аввалроқ Андижонда 22 мингдан зиёд хонадон ичимлик суви билан таъминлангани хабар берилган эди.

Янгиликлар