Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан 7 ноябрь куни Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб этиб тайинланди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Ўзсаноатқурилишматериаллари» АЖ матбуот хизмати

Зарипов Ботир Комилович 1969 йилда туғилган, олий маълумотли. 1997 йилда Тошкент молия институтини молия ва кредит мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Ботир Зарипов 1990—2008 йилларда давлат ва тижорат банкларида юқори лавозимларда ишлаган. 2008—2012 йилларда Марказий банк раиси ўринбосари, 2012—2013 Марказий банкнинг кредит ташкилотларини назорат қилиш ва тартибга солиш департаменти директори лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, у 2013—2015 йилларда Марказий банкнинг кредит ташкилотларини лицензиялаш ва тартибга солиш департаменти директори, 2015—2016 AКБ «Aгробанк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Ботир Зарипов 2019 йил апрель ойидан бери «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқаруви раиси сифатида ишлаб келаётган эди.

Маълумот ўрнида, вилоятга етакчилик қилиб келаётган Фарҳод Умаров эса Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолиятини давом эттирадиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коронавирусга чалинган Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов 22 август, шанба куни вафот этган эди. Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг таъзия маросимида қатнашиб, Бухорога жўнаб кетгани хабар қилинганди. Кейинчалик Фарҳод Умаров Бухоро вилояти ҳокими вазифасинин бажарувчи этиб тайинлангани хабар қилинган.

Янгиликлар