Тошкентда «Ипак йўлида туризм–2020» халқаро туристик ярмаркаси ўтказилади

Тошкент шаҳрида 6 ноябрь, жума куни «Ипак йўлида туризм-2020» XXVI Тошкент халқаро туристик ярмаркаси доирасидаги онлайн форум олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Мазкур тадбир давомида Ипак йўлининг маданий-тарихий ва табиий меросини тарғиб қилиш ҳамда ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, хорижий мамлакат вакиллари билан тажриба алмашиш, мулоқот ўрнатиш ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилиш, шунингдек, ҳамкорликни ривожлантириш учун платформа яратиш кўзда тутилган.

Фото: «Tez News»

«Пандемия шароитларида мамлакатимизнинг истиқболли сайёҳлик йўналиши сифатида жозибадорлигини ошириш, туристик инфратузилмани ривожлантиришнинг амалий механизмлари ва Ўзбекистонни қизиқарли туристик йўналиш сифатида тарғиб қилишда янги инновацион ёндашувларга доир янги ғоялар зарур. Aйнан шу масалаларни муҳокама қилиш ва инқироздан чиқишнинг оптимал ечимларини излаш учун ТХТЙ-2020 доирасида онлайн форум ташкил этилмоқда.

Фото: «Tez News»

Онлайн форум давомида 6 сессия ташкил этилиб, унда Сингапур, Россия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Франция, Германия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги етакчи мутахассислари иштирок этишади. Форум спикерлари иштирокчилар билан ўзларининг COVID-19 пандемияси даврида туризм соҳасини қандай яхшилаш, инқирозга қарши ечимларни топиш, хавфсиз саёҳатни таъминлаш ва халқаро бозорга чиқишга доир қарашлари билан бўлишади», — дейди Туризмни ривожлантириш давлт қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, сессияларда «COVID-19’дан кейин туризм соҳасини қандай яхшилаш мумкин?», «Сармоялар пандемиядан кейин туризмни тиклашнинг асоси сифатида», «Ғарбий Европа мамлакатлари бозорига кириш имкониятларини яхшилаш», «Uzbekistan. Safe travel guaranteed тизими. Ўзбекистонда хавфсиз туризм!» каби мавзулар муҳокама қилинади.

Фото: «Tez News»

Бундан ташқари, ТХТЙ-2020 доирасида:

  • Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида биринчи сайёҳлик форуми;
  • хусусий туристик ташкилотлар ассоциацияси томонидан пойтахтдаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида ташкил этилган бир қатор ўқув семинарлари;
  • Франция мутахассислари томонидан Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институти учун тайёрланган «OUTDOOR: Тажриба. Усуллар. Трендлар» деб номланган вебинар ўтказилади.

Фото: «Tez News»

Маълумот ўрнида, тадбир 2020 йил 11—13 ноябрь кунлари ўтказилади ва ТХТЙ тарихида бундай форматдаги биринчи йирик халқаро тадбир бўлади. Aнъанага кўра тадбир ташкилотчиси — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси. Онлайн форумни ўтказиш учун махсус ТХТЙ 2020 расмий сайти ишлаб чиқилиб, унда Zoom платформасида ўтказилган барча конференциялар онлайн трансляция қилинади. Барча манфаатдор шахслар веб сайтда олдиндан рўйхатдан ўтган ҳолда сессияларда бевосита иштирок этишлари ёки бу ерда конференцияларни реал вақт режимида кўришлари мумкин. Конференциялар ёзувлари сақланиб қолинади ва тадбирдан кейин уларни кўриш имконияти бўлади.

Аввалроқ «Кексалар туризм ойлиги»да қандай имтиёзлардан фойдаланиш мумкинлиги маълум бўлганди. Бунда кексалар туризм ойлигини муносиб ўтказиш, уларнинг дам олишларини мароқли ташкил этиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида республикадаги 212 та жойлаштириш воситалари (меҳмонхона ва меҳмон уйи) хизматлари учун 50 фоизгача, 114 та умумий овқатланиш жойидаги хизматлар учун 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар жорий этилган.