Бекободда нархи 15 минг доллардан бошланадиган 7 та лочинни яширинча олиб юрган шахс ушланди

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида Қизил китобга киритилган, дунё бўйлаб қора бозорларда нархи 15 минг доллардан 150 минг долларгача баҳоланадиган 7 та лочинни яширинча олиб юрган шахс ушланди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Ушбу ҳолат Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.

Шаҳарнинг чегарадош ҳудудида ҳаракатланаётган шахс тезкор ходимлар томонидан кузатувга олинганини сезиб қолгач, шу ердаги уйлардан бирига қочиб киради ва яширинишга уринади. Мазкур хонадон белгиланган тартибда кўздан кечирилиб, қочишга уринган шахснинг қўлидаги сумка очиб кўрилганида, унинг ичида 7 бош лочинлар борлиги аниқланган.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, ноқонуний равишда олиб ўтишда атрофдагиларга сездирмаслик мақсадида қушларнинг кўзи, оёқлари боғлаб қўйилган, қанотлари эса скотчланган бўлган.

Хабарда айтилишича, ҳозирда мазкур лочинлар Тошкент ҳайвонот боғида сақланмоқда. Келтирилган куни уларнинг 4 нафари оғир аҳволда бўлган. Ҳайвонот боғи ветеринарлари томонидан кўрсатилган муолажа ва парваришлардан сўнг уларнинг аҳволи яхшиланган. Aмалдаги тартибларга кўра, лочинларга чип ўрнатилган ва энди улар Халқаро реестрга киритилган. 90 кунлик карантин шароитидаги парваришдан сўнг лочинлар яна табиатга учириб юборилади.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига «Итолғи» номи билан киритилган ушбу лочинлар асосан Ғарбий Тян-Шан ва Ҳисор-Олой тоғ тизмалари ҳамда Қизилқум чўлида учрайди. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда бу каби итолғи лочинлари кескин камайиб, ҳозирда атиги 70 жуфт сақланиб қолгани тахмин қилинади.

Таъкидланишича, лочинларни ноқонуний равишда олиб чиқишга уринган шахслар уларнинг ҳар бирининг баҳосини ўртача 30 миллион сўмдан эканлигини таъкидлаган. Дунё бўйлаб қора бозорларда лочинларнинг нархи 15 минг доллардан 150 минг долларгача баҳоланади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани ҳақида хабар қилинганди. Кейинчалик Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан бўшатилгани маълум қилинган.

Шунингдек, «Spark» ҳайдовчиси 30 октябрь куни эшакни машинага боғлаб, судраб кетаётгани тасвирланган видеодаги ҳолат тахминларга кўра Aндижонда юз бергани айтилан эди. Суриштирувлар натижасида мазкур ҳолат Тошкентда бўлгани аниқланган. «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳолат юзасидан баёнот берган.

Янгиликлар