Ўзбекистонда 2021 йил апрелдан уйлар «коробка» ҳолатида топширилмайди

Ўзбекистонда 2021 йил апрел ойидан бошлаб уйлар «коробка» ҳолатида топширилмайди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов маълум қилди.

Кадр: YouTube

Хабарга кўра, аҳолига янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида нормативларга ўзгаришлар киритилган.

«Аҳолига янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида нормативларга ўзгаришлар киритилди. Бундан кейин уйлар коробка ҳолатида топширилмайди. Бу тартиб-тамойил 3 ойдан кейин апрелдан кучга киради. Пудрат ташкилотлари қуриб топшираётган барча уйларнинг 100 фоиз деворлари, коммуникация тармоқлари тортилган бўлади», — дейди Шерзод Ҳидоятов.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 январдан кўп қаватли уйлар автотураргоҳига машина қўйган фуқаролар солиқ тўлаши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йилдан мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби ўзгариши хабар қилинган.