Ўзбекистонда ҳар 4 эркакнинг биттаси нос чекади — ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуров тутунсиз тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистонда энг кенг тарқалган шакли — носвойнинг инсон саломатлигига салбий таъсири, Ўзбекистонда неча фоиз одам носга одатланиб қолганлиги ҳамда жаҳон мамлакатларидаги ҳолат қандайлиги хусусида маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Шуҳрат Шукуровнинг сўзларига кўра, нос тўқ яшил ёки сарғиш яшил мураккаб таркибли моддалар аралашмасидан иборат бўлиб, асосан, бу маҳсулот уй шароитида санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда турли усулларда тайёрланади. Унинг таркибида тамаки япроғи, кул (ғўзапоя ёки бошқа ўтинлар кули), ўсимлик мойи (пахта ёки кунжут мойи), сўндирилган оҳак ҳамда ширин таъм берувчи қўшимчалар бўлади.

«Уни тайёрлаш усулини кўрган, таркибида қандай моддалар борлиги билган киши нос чекишдан воз кечиши турган гап.  Агар инсонга ушбу маҳсулотлар: қурилиш оҳаги, кул, тамаки япроғини берсангиз истеъмол қилишни хоҳлармиди? Аммо мамлакатимизда нос чекувчи инсонлар сони жуда кўп, айниқса ёшлар орасида.

Нос психоактив моддалар қаторига киради ва марказий асаб тизимига таъсир кўрсатиб, руҳан ва жисмонан кучли қарамликни юзага келтиради. Нос оғиз бўшлиғи, халқум, қизилўнгач ва ошқозонга тўғридан тўғри таъсир этиб, шиллиқ қаватларни доимий шикастлайди ва шу таъсир натижасида шиллиқ қаватларда саратон касаллиги ривожланишига олиб келади. Бу касалликка учраганларнинг 95 фоизи носга ружу қўйгани илмий жиҳатдан исботланган», — дейди мутахассис.

Таъкидланишича, нос қонга сўрилиб, бош мия, жигар, буйрак, ошқозоности бези ва бошқа органларни фаолиятига салбий таъсир этиб, шу аъзоларнинг касалланишига сабаб бўлади. Шунингдек, оғиз бўшлиғида сўлак безлари фаолиятининг бузилишини юзага келтиради. Бундан ташқари, носвой истеъмол қиладиган эркакларда бепуштлик, оғиз ва милкларнинг яллиғланиши, милклар атрофияси, кариес каби касалликлар кузатилади. Нос ўсмирларнинг руҳий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, хотира ёмонлашига, жиззаки бўлишига ҳамда дарсларни ўзлаштириши кескин пасайишига олиб келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда катта ёшдаги кашандаларнинг сони 1,1 миллиард бўлиб, уларда камида 367 миллион киши тутунсиз тамаки истеъмол қилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг айтишича, Ўзбекистонда эркакларнинг, қарийб, ҳар тўрттадан биттаси носвой истеъмол қилиши кузатилади.

«Ўзбекистонда носвой бозорларда, кўчаларда ва таълим муассасалари олдида очиқ сотилади. Уни ишлаб чиқариш ва сотишни чеклаш бўйича ҳеч қандай қонун ҳужжати ва кўрсатма мавжуд эмас. Энг ачинарлиси, мунтазам тутунсиз тамаки истеъмол қилувчи минглаб инсонлар бевақт ўлим хавфига дучор бўлмоқда.

Австралия, Сингапур, Бахрайн, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларда тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган. Бир қатор МДҲ мамлакатлари (Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Туркманистон)да ҳам носвой ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўйилмайди.
Носвойнинг инсон саломатлигига катта зарар келтираётгани учун тегишли идоралар томонидан мамлакатимизда тутунсиз тамаки маҳсулотларини, жумладан нос айланмасини тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди», — дейди Шуҳрат Шукуров.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари Ўзбекистонда носвойни ишлаб чиқариш ва сотишни қонун даражасида тақиқлашни тавсия қилаётганлиги ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар