Ўзбекистонда носвой тайёрлаш ва сотиш тақиқланиши мумкин

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда носвой тайёрлаш ва сотишни тақиқлашни таклиф этмоқда.

Фото: «Tez News»

ССВ 2014 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омилларини ўрганилганда қуйидагилар аниқланган: Ўзбекистон аҳолисининг 12 фоизи, эркакларнинг 23,2 фоизи, яъни ҳар тўрттадан биттаси, аёлларнинг 0,2 фоизи носвой истеъмол қилади. Тамаки истеъмолчиларининг 90 эса фоизи носвой истеъмол қилади. Бу Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ўртасида носвой истеъмол қилиш кўрсаткичининг энг юқорисидир: Қирғизистонда – 5,2 фоиз, Қозоғистонда – 1,3 фоиз, Туркманистонда – 1,4 фоиз.

Шунингдек, тутунсиз тамаки маҳсулотларининг 13–15 ёшдаги ўсмирлар орасида истеъмол қилинишининг даражаси ҳам Ўзбекистонда қўшни мамлакатларга қараганда энг юқори – 6 фоиз. Бу кўрсаткич: Қирғизистонда – 5,1 фоиз, Тожикистонда – 1,8 фоиз, Қозоғистонда – 0,6 фоиз, Туркманистонда – 0,2 фоиз. Мутахассисларнинг таъкидлашича таркибида тамаки бўлган ҳар қандай маҳсулот соғлиқ учун хавфли.

Ўзбекистонда тутунсиз тамаки истеъмол қилувчи 1,7 миллион кишининг 860 мингдан ортиғи носвой истеъмол қилиниши туфайли бевақт оламдан ўтади. Кўпгина давлатларда тутунсиз тамакилар таъқиқланган: Австралия, Цингапур, Баҳрайн, Бутан, Бирлашган Танзания Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг Швециядан ташқари барча мамлакатларида тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқлаган. Бир қатор МДҲ мамлакатларида (Беларус, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Туркманистонда) ҳам носвой ишлаб чиқариш ва сотиш таъқиқланган. Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида тутунсиз тамаки маҳсулотларини бутунлай тақиқлаш ҳақидаги келишув лойиҳаси кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари Ўзбекистонда носвойни ишлаб чиқариш ва сотишни қонун даражасида тақиқлашни тавсия қилмоқда. Ушбу вазифани ҳал этишга носвойнинг қўшни мамлакатлар (айниқса Қозоғистон, Туркманистон) носвойни сотишни тақиқлагани, охирги 5 йил ичида Ўзбекистоннинг 18–39 ёшдаги аҳолиси орасида носвой истеъмол қилиш икки баравар камайгани ҳам туртки бўлади, чунки носвой чекиш тамаки маҳсулотларининг бошқа турларига қараганда унчалик обрўли ёки русмга кирган эмас.

Aввалроқ Инновацион ривожланиш вазирлиги каннабис етиштирувчи турк компанияси билан 230 млн долларлик шартнома имзолагани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда каннабис етиштириш учун бериладиган лицензия нархи 700 млн сўмлиги маълум қилинган. Кейинроқ Ўзбекистонда каннабис билан шуғулланиш учун лицензия олиш шартлари эълон қилинди.

Янгиликлар