Ўзбекистонда каннабис билан шуғулланиш учун лицензия олиш шартлари эълон қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг «Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан каннабис етиштириш учун лицензия олиш шартлари белгиланди.

Фото: «Fortune»

Таъкидланишича, ҳужжат «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида» ва «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ лицензияловчи орган ҳузуридаги эксперт комиссияси лицензиялар бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва хулосалар тайёрлаш билан шуғулланади. Лицензия фақат юридик шахсларга берилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • етиштириш;
  • олиб кириш;
  • қайта ишлаш;
  • сақлаш;
  • реализация бериш;
  • сотиб олиш;
  • ташиш.

Қарорга асосан каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия 5 йил муддатга берилади, уни ва у бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади. Шунингдек, лицензияни олиш шартлари ва талаблари қуйидагилардан иборат:

  • гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;
  • юридик шахснинг штатида тегишли соҳа бўйича малакага эга бўлган камида учта мутахассис мавжуд бўлиши керак;
  • моддий-техника базаси, ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг танланган фаолият турига мувофиқлиги;
  • ер участкалари, бинолар, алоқа воситалари ва технологик жиҳозларга эгалик қилиш ёки бошқа моддий ҳуқуқларга эга бўлиш;
  • саноат, меҳнат ва бошқа хавфсизлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиш;
  • ҳудудда узлуксиз ишловчи видеокузатув тизимининг мавжудлиги;
  • лабораторияларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг кимёвий таҳлилларини ўтказиш учун лицензиянинг мавжудлиги;
  • ишлаб чиқарилган маҳсулотни Ўзбекистон ҳудудида тўлиқ қайта ишлаш ва қайта ишланган маҳсулотнинг камида 50 фоизини экспортга йўналтириш;
  • суғориш инфратузилмасини модернизация қилиш ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва бошқалар.

Ҳужжат 2020 йилнинг 7 декабридан кучга киради.

Aввалроқ Инновацион ривожланиш вазирлиги каннабис етиштирувчи турк компанияси билан 230 млн долларлик шартнома имзолагани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда каннабис етиштириш учун бериладиган лицензия нархи 700 млн сўмлиги маълум қилинган эди.

Янгиликлар