«Ахборот, аввало, ақлга эмас, ҳисларга ҳужум қилади». Шаҳноза Соатова коронавирус беморларига ёлғон ахборотнинг таъсири ҳақида гапирди

Халқаро пресс-клубнинг 8 август кунги навбатдаги сессиясида адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова коронавирусга чалинган беморларга фейк, яъни ёлғон ахборотлар қай даражада таъсир қилиши ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, вирус юқтирган инсонда маълум муддат депрессия кузатилиб, ваҳимага тушади. Aсабий бўлиш, сал нарсага жаҳл қилиш ҳолатлари кузатилади.

«Мен касалхонада даволандим, ёлғиз ўзимни бир хонага қўйиб, изоляциялашди. Касаллик даврини телефон ва интернет билан кечирдим. Бир жиҳати бўлдики, интернетдаги салбий хабарлар ҳам буни кучайтирувчи бир омил бўлди. Кун давомида жуда ҳам кўп салбий хабарлар фонида ўликхонада жасадлар тахланиб турганлиги ҳақидаги хабар келди. Кейинчалик у фейк бўлиб чиқди, лекин ахборот биринчи навбатда ақлга эмас, ҳисларга ҳужум қилади. Сиз бу хабарга ички муносабат билдириб, ваҳимани янада кучайтирасиз.

Бу ҳолатдан чиқиб кетиш учун интернетдан маълумотлар олдим, касалликка чалинган яқинлар билан суҳбатлашдим. Ваҳима вақтинчалик нарса, унга қарши чора кўриш керак. Бу менинг жисмоний ҳолатимга ва касалликдан соғайиш динамикасига жуда қаттиқ таъсир қилганини сездим. Яхшигина даволаниб келаётган кунларимдан сўнг битта уйқусиз тун бўлди ва менда яна сатурация бошланди. Шундан сўнг бир неча кун интернетга кирмай, шифокорим билан маслаҳатлашиб, даволаш усулини ўзгартирдик».

Шаҳноза Соатова, адлия вазирининг маслаҳатчиси

Блогернинг сўзларига кўра, коронавирусга чалинган беморлар озгина худбинроқ бўлиб, муаммо енгиб ўтиши керак. Кейинчалик бошқа муаммоларни таҳлил қилишга ўтса бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Шаҳноза Соатова 11 июлда ўзида коронавирус белгилари кузатилаётган бўлса-да, тест топшира олмаётганини маълум қилган. 17 июлда пневмониядан қандай даволанаётганини айтиб берганди. 20 июлда Шаҳноза Соатова коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларига миннатдорлик изҳор этган.

Aввалроқ медиа мутахассис Aзиза Қурбонова ёлғон ахборотларни аниқлаш, фильтрлаш ва таҳлил қилиш бўйича маълумот бергани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар