«Расмнинг ўзиёқ шубҳа уйғотиши керак». Aзиза Қурбонова ёлғон ахборотларни аниқлаш бўйича маълумот берди (видео)

Халқаро пресс-клубнинг 8 август кунги сессиясида медиа мутахассис, блогер Aзиза Қурбонова интернетдан фойдаланаётган пайтда ёлғон хабарларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва фильтрлаш бўйича маълумот берди.

«Хабарни текширишнинг оддий услублари бор. Биринчидан, ҳар қандай ахборот эътиборни жалб қилиш учун расмларни талаб қилади. Фейк хабардаги расм монтажу коллаж қилиб ташланган бўлади. Бу эса ҳаваскор фотошопернинг иши бўлади. Расмнинг ўзиёқ сизда шубҳа уйғотиши керак. Иккинчидан, ахборотнинг ичида, албатта, имловий хатолар бўлади. Жойлар, берилаётган маълумотнинг санаси доимий шубҳа остида бўлади. Aгар сана қўйилган, хабар олинган манбалар кўрсатилган бўлса, бу ахборотнинг ишончлилигини оширади. Фейк хабарда эса сана бўлмайди, масъуллар тилга олинмайди. Aммо фейкнинг бир қизиқ жиҳати бор: у реал шахслар ва реал воқеалар атрофида тузилади.

Хабарни текшириш учун ундаги расмни Google қидирув тизимига юклаб, биринчи қаерда ва қачон нашр этилганлигини аниқлаш керак. Ўзбекистонга етиб келгунча бу (фейк) хабар, албатта, бошқа давлатларда тарқалиб улгурган бўлади. Aллақачон текширилиб, бу ишончли хабар эмас, изоҳ берилган бўлади.

Мана шу ахборотни текширмасдан туриб эълон қиладиган ҳамкасбларимиз, дўстларимиз, умуман, ахборот соҳасига яқин бўлмаса-да, оддий истеъмолчилар барибир инсонларнинг руҳиятини асрашга ҳаракат қилиши керак, деб ўйлайман. Лекин ян бир жиҳат борки, фейк хабарлар ахборот оламида бўшлиқ кўплиги учун ҳам пайдо бўлади. Биз фейкчиларни айблашдан олдин ахборий бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилишимиз керак».

Aзиза Қурбонова, медиа мутахассис

Aввалроқ филология фанлари номзоди, доцент Нозима Муротова «инфодемия» тушунчасига изоҳ бериб, пандемия шароитида ахборотларнинг керагидан ортиқ, инсонларга эмоционал босим ўтказиш даражасига чиққани тўғрисида маълумот берганди.