Фарғонада умумий қиймати 1,5 млрд сўмга яқин табиий газ ўғирланиш ҳолати қайд этилди

Фарғона вилоятида умумий қиймати 1,5 миллиард сўмга яқин табиий газ ўғирланиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизимидаги «Ҳудудгаз метрология» филиали, Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси вакиллари билан биргаликда вилоятда оҳак ва бошқа турдаги қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг (АЁҚШ) текшируви ташкил этилди. 10 кун давом этган ўрганишлар давомида вилоятдаги 15 та ишлаб чиқариш объектида қонунбузарликлар ва 1 миллион 353 минг кубометрдан ортиқ газни ўғирлаш ҳамда газни ҳисобга олишдаги қонун бузилишлари билан боғлиқ қатор камчиликлар аниқланди. Газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори эса 1 миллиард 350 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди.

Таъкидланишича, табиий газдан фойдаланишдаги қонун бузилишларининг асосий қисмини умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига рухсатсиз уланиш, ҳисоблаш ускуналарига, уларнинг муҳрларига қасддан зарар етказиш, шунингдек, улардаги кўрсаткичларни ўзгартириш учун рухсатсиз таъсир ўтказиш кабилар ташкил этади.

Хусусан, 24 август куни МЧЖ раҳбарияти корхона фаолияти тўхтатилганлигини важ қилиб, «Қўқоншаҳаргаз» инспекторига газ ҳажмини қайд этишга рухсат бермаган. Бироқ ўтказилган текширув давомида истеъмолчи 140 тонналик оҳак печини лойиҳасиз қуриб олгани ва табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган. Шу билан, мазкур истеъмолчи қўшимча 419 минг кубометрдан ортиқ газ сарфлаган.

Вилоятнинг Ўзбекистон тумани Қоратепа қишлоғида жойлашган оҳак ишлаб чиқариш цехида газ таъминоти корхонаси ходимлари томонидан TDS-80/400 газ ҳисоблагичининг ишлашига ноқонуний техник аралашувлар аниқланди. Бу эса ундаги кўрсаткичлар ноаниқ бўлишига олиб келган. Бундан ташқари, цехда ҳисобга олинмаган иккита оҳактош печидан фойдаланилаётгани аниқланган. Текширилганда уларда 82 та ностандарт горелкалар ўрнатилгани аниқланган. Тузилган баённомага кўра, мазкур цех томонидан ноқонуний фойдаланилган газ ҳажми 869 минг кубометрдан ошган.

Ҳудди шундай қоидабузарликлар Қува ҳамда Ўзбекистон туманидаги МЧЖларда ҳам қайд этилган. Бундан ташқари, ўлчаш мосламаларининг рухсат этилган иш кўрсатгичидан пастлиги  билан боғлиқ ҳолатлар аниқлангани сабабли, Учкўприк туманидаги МЧЖлар ва бошқаларда газ ҳажми қайта ҳисоблаб чиқилган.

Юқорида қайд этилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қиймати 1 миллиард 353 миллион сўмдан ортиқ бўлган 1 миллион 353 минг кубометрдан зиёд табиий газни ҳисобга олмай истеъмол қилишга йўл қўйилган.

Текширувлар Фарғона вилоятидаги АЁҚШларда ҳам ўтказилган. Ўтказилган навбатдаги текширувда «AutoPILOT PRO» газ ҳисоблагичи кўрсаткичларни сезиларли даражада паст ва ортиқча ҳисоблагани аниқланган. Шу сабабли ушбу газ ҳисоблагич ишлатишга яроқсиз деб топилган ва истеъмолчига ўлчов воситасининг яроқсизлиги тўғрисида хабарнома берилган. Қайта ҳисобланган газ ҳажм 398,2 минг кубометрни ташкил этган.

Бундан ташқари, яна бир АЁҚШга тегишли ўлчов мажмуаси текширилганда, газ ҳисоблагичга таъсир қилиш мумкин бўлган жойда муҳр бузилганлиги аниқланиб, ушбу факт бўйича истеъмолчи иштирокида далолатнома тузилган.

Қайд этилган қонунбузарликлар бўйича барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилган. Шу каби бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича текширувлар эса давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида «ақлли» газ ҳисоблагичларни ўрнатишда ноқонуний ҳақ талаб қилган шахслар аниқлангани ҳамда Бухорода 15 мингдан ортиқ хонадонга янги газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилгани ҳақида хабар қилинганди.