Бухорода 15 мингдан ортиқ хонадонга янги газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилди

Бухоро вилоятида 15 мингдан ортиқ хонадонга янги газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «ЎзA»

Маълум қилинишича, «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан аҳоли хонадонларига янги газ ҳисоблагичлари ўрнатиб берилмоқда. Бунга сабаб истеъмолчилар томонидан фойдаланиб келинаётган газ ҳисоблагич ускуналарининг қайта тўлиқ таъмирлаш ёки махсус техник хизмат кўрсатиш зарурияти ва баъзилари тиклаб бўлмас ҳолда эканлиги айтилган.

Қайд этилишича, 20 август ҳолатига кўра, 15 мингдан ортиқ хонадонга газ ҳисоблагичлар ўрнатилган. Вилоятда 262 033 та газ ҳисоблагичлари ўрнатилиши режалаштирилган.

Ушбу тадбир Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 9 июлдаги «Aҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётгани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олтинкўлда 45 мингдан зиёд газ жиҳозлари рўйҳатдан ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек Бухорода 168,5 мингга яқин газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилгани маълум қилинди.

Янгиликлар