Тошкент вилоятида «ақлли» газ ҳисоблагичларни ўрнатишда ноқонуний ҳақ талаб қилган шахслар аниқланди

«Ҳудудгазтаъминот» АЖга 17 август куни истеъмолчилардан «ақлли» газ ҳисоблагичларни ўрнатишда кўрсатилган хизматлар учун ноқонуний ҳақ тўлашни талаб қилинганлик ҳолатлари ҳақида мурожаатлар келиб тушди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, зудлик билан ҳолатни жойида текшириш ишлари ташкил этилган ва бу хабарлар ўз тасдиғини топган. «Зангиотатумангаз» газ таъминоти бўлими ишчилари А.Юсуфхўжаев ва Р.Хусомиддинов, Янгийўл тумани «Темир йўл» маҳалласи Истиқлол кўчасидаги аҳолидан қонунни бузган ҳолда 150 минг сўмдан пул ундиришга урингани аниқланган. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизими ходимлари ва «Ҳудудгаз Тошкент» ҳудудий филиали раҳбарининг ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлари туфайли ҳуқуқбузарларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бартараф этилган. Маҳалла аҳолисининг ўринли шикоятлари қонун доирасида қондирилган. «Зангиотатумангаз» ишчилари А.Юсуфхўжаев ва Р.Хусомиддиновга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Худди шундай воқеа Тошкент вилояти «Назарбек» маҳалласи Тарнов кўчасида ҳам содир бўлганлиги аниқланган. «Зангиотатумангаз» ходими С.Қобилов «ақлли» газ ҳисоблагичларни ўрнатиб бериш учун аҳолидан 100 000 сўмдан олишга ҳаракат қилган. Унинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳам зудлик билан даф этилган.

2020 йил 18 август куни «Зангиотатумангаз» бўлимида мазкур коррупция ҳолатлари содир бўлишининг сабаб ва шароитларини батафсил ўрганиш орқали профилактик тадбир ўтказилди. Олиб борилган хизмат текшируви натижалари бўйича «Зангиотатумангаз» раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи С.Ходжаев, кадрлар бўлими бошлиғи З.Мухамеджанова, бўлим ходимлари С.Қобилов, А.Юсуфходжаев ва Р.Хусомиддиновни ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ яна бир бор янги турдаги «ақлли» газ ҳисоблагичларни барча зарур эҳтиёт қисмлари (фильтрлар, ташқи қутилар ва ҳоказо) билан ўрнатиш газ таъминоти ташкилотларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини эслатиб ўтган.

Шунингдек, у фуқаролардан газ таъминоти тизими ходимлари томонидан юқоридаги каби ноқонуний пул ундириш ҳолатлари кузатилганда дарҳол 1104, 71 200-08-04 телефонлари, шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида ва «Газ таъминоти муаммолари ва уларнинг ечимлари» гуруҳи орқали хабар беришларини сўраган.

Аввалроқ Бухорода 15 мингдан ортиқ хонадонга янги газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар